Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийи Сречко Катанец жамоа Австралияга мағлуб бўлса ҳам, 90 фоиз ҳолатда турнирнинг 1/8 финал босқичига чиқишини, аммо мақсад барибир ғалаба қозониш эканини айтди. «Австралияга қарши ёмон статистикага чек қўйиш ниятидамиз», — дейди футболчи Одилжон Ҳамробеков.
Фарғона шаҳридаги «NEFT OIL» МЧЖда ёнғин чиқиб, уни ўчиришга 12 та қутқарув экипажи жалб қилинди. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар ва жароҳат олганлар йўқ. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва зарар миқдори аниқланмоқда.
Ўзбекистонда «аноним террори» янги босқичга чиқмоқда. Улар энди тергов ва суд ўрнини ҳам эгалламоқчи — ўзи айблов эълон қилади, ҳукм ўқийди, жазолайди. Жамоат фаоли Шаҳноза Соатова ва ҳуқуқшунос Фурқат Тожиевнинг қайд этишича, бу ошкора қонунсизлик қиссасини ҳамма ўқияпти, лекин ҳеч ким индамайди.
Экология вазирлиги пойтахтнинг Чилонзор, Сергели ва Янгиҳаёт туманларидаги жами 160 та корхонага чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш тўғрисида огоҳлантириш хатлари берди.
Хитойнинг «Жэньминь жибао» газетасида Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ва Хитой муносабатларига бағишланган мақоласи эълон қилинди. У янги йилда илк ташрифини Хитойга амалга ошираётгани чуқур рамзий маънога эгалиги ва муносабатлар «ўз тарихидаги энг яхши даврни» бошдан кечираётганини қайд этди.
Ўзбекистоннинг товар айланмаси 2023 йилда 23,8 фоизга ошиб, 62,6 млрд долларни ташкил этди. Савдо тақчиллиги рекорд даража — 13,7 млрд долларга етди. Экспортнинг учдан бир қисмини рекорд даражада сотилган олтин ташкил этди. Озиқ-овқат, нефть ва газ импорти кескин ошди.
Сардобалик 5 ёшли Мансурбек Кемамов «Док-1 Макс»дан заҳарланиб, бир неча ой кўролмай ва юролмай қолган. Боланинг ҳаётини сақлаб қолиш учун ота-онаси бор-будини сотиб, 150 млн сўм қарзга ҳам ботган. Улар Мансурбекнинг «Док-1 Макс» сабаб ногирон бўлиб қолган болалар рўйхатига киритилмаганидан норози.
2023 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистоннинг Эрондаги элчиси этиб тайинланган Фариддин Насриев мамлакат президенти Иброҳим Раисийга ишонч ёрлиқларини топширди.
Россиялик продюсер, «Газпром-медиа» бош директори ўринбосари Тина Канделакига Қозоғистонга кириш тақиқланмоқда. Бунга унинг Қозоғистондаги темирйўл вокзаллари номи ўзгартирилишини рус тилини давлат даражасида сиқиб чиқариш деб баҳолагани ва «манқуртлик» ҳақидаги пости сабаб бўлди.
2023 йилнинг январь-декабрь ойларида Ўзбекистондан Хитойга 563,53 млн долларлик табиий газ экспорт қилинди. Бу — 2022 йилги кўрсаткич (1,07 млрд доллар)дан салкам икки баравар кам.
Тошкентда жамоат автобусларининг ҳаракат хавфсизлигини назорат қилувчи ходимларга махсус хизмат машиналари бириктирилди. Улар автобус ҳайдовчиларининг тартибли ишлашини ва машиналарнинг автобус йўлакларига чиқиб кетмаслигини назорат қилади ҳамда ҳаракатга тўсқинлик қилувчи омилларни аниқлайди.
Гая-Тошкент йўналиши бўйича парвоз қилган Россиянинг хусусий Falcon 10 самолёти қулаши оқибатида тўрт киши омон қолди. Тирик қолганлар фақат экипаж аъзолари бўлиб, яна 2 нафар йўловчини қидириш ишлари олиб борилмоқда.
2023 йилда республикачилар партиясидан номзодлик учун курашда Дональд Трампга асосий рақобатчи деб кўрилган Рон Десантис президентлик кампаниясини тўхтатди. Флорида губернатори ўз тарафдорларини Трампга овоз беришга чақирди.
Ўзбекистонда мобил қурилмаларнинг IMEI кодини қонунга хилоф равишда ўзгартириш ёки нусхалаш учун маъмурий жавобгарлик белгиланди. Бунда қоидани бузганларга жарима солинишидан ташқари, жиноят содир этишда фойдаланилган ашё мусодара қилинади.
Маданий мерос агентлиги хулосаси билан эски ТошМИ ҳудудидаги собиқ кадет корпусининг биносини реставрация қилиш лойиҳаси тасдиқланди. Уни O‘zshaharsozlik LITI давлат муассасаси ишлаб чиқди, қўшимчасига 2 та ётоқхона қуриш, черков бўлган юқори қисмни тиклаш, ташқи кўринишини сақлаш белгиланди.
Ўзбекистонда ҳафтанинг биринчи ярми илиқ бўлади. Ҳарорат кечалари +5, кундузи +12…+15 даражагача кўтарилади. Сўнг Волгабўйидан кириб келувчи нам ҳаво массалари туфайли 25 январда республика бўйича ёмғир ва қор бўлади. Ҳарорат шимолда кечаси −6…−11, кундузи 0…−5 даражагача совийди.
Тошкент шаҳар Тергов бошқармаси томонидан икки шахс фирибгарликда гумонланиб ушланди. ИИББ ушбу шахслардан жабр кўрган фуқаролар тегишли жойларга мурожаат қилишини сўради.
Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари миқдори 568 минг сўмдан 621 минг сўмгача оширилди. Кўрсаткич мамлакатда камбағаллик чегарасини аниқлаш учун ишлатилади.
Қозоғистондаги Уральск-Атирау трассасида содир бўлган ЙТҲ туфайли 3 киши ҳалок бўлди. Улар Ўзбекистондан бўлган бир оиланинг аъзолари саналади. Шунингдек, бир бола шифохонага ётқизилган.