Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида етказилган моддий зарар қопланди
Жиноят ишлари бўйича Сергели туман судининг 31.03.2026 йилдаги ижро варақасига асосан, қарздор фуқаро А.В.дан ундирувчилар — фуқаро С.М. фойдасига 18 433,7 минг сўм ҳамда йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида моддий зарар кўрган яна бир ундирувчи Х.С. фойдасига қарийб 3 млн сўм ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари Бюронинг Сергели туман бўлими иш юритувига келиб тушган.
Мазкур ижро ҳужжатлари юзасидан Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 23-моддасига мувофиқ ижро иши қўзғатилди.
Аниқланишича, қарздор фуқаро ўзининг “Tracker-2” русумли автомашинасида ҳаракатланиб, оралиқ масофани сақламаган ҳолда эътиборсизликка йўл қўйган ва олдинда ҳаракатланаётган “Lacetti” автомашинасига келиб урилади. Тўқнашув зарбаси оқибатида эса “Lacetti” автомашинаси ўзидан олдинда ҳаракатланаётган “Labo” транспорт воситасига бориб урилишига сабаб бўлган.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздордан ундирувчилар фойдасига жами 21 388,5 минг сўм маблағ тўлиқ ундирилди. Шу муносабат билан ижро ҳужжати Қонуннинг 41-моддаси 1-бандига асосан амалда бажарилиб, иш тамомланди.