Taftish.uz иши бўйича терговни Ҳарбий прокуратура олиб бормоқда
Taftish.uz сайти ходимларига оид жиноят иши бўйича тергов ишларини эндиликда ҳарбий прокурорлар олиб бораётгани маълум қилинди.
Бу ҳақда жамоатчилик фаоли Абдураҳмон Ташанов ахборот берган.
Маълумотларга кўра, мазкур иш доирасида гумонланувчилар товламачилик ва фирибгарлик ҳолатлари бўйича жавобгарликка тортилиши мумкин. Улар жорий йилнинг январ ойида қўлга олинган эди.
Ҳозиргача ушбу иш юзасидан 400 дан ортиқ фуқаронинг мурожаатлари кўриб чиқилгани қайд этилмоқда.
Шунингдек, иш материалларида айрим махсус хизмат ходимларининг номи тилга олингани сабабли тергов Ҳарбий прокуратура ихтиёрига ўтказилган.
Тергов жараёнига оид айрим маълумотлар махфий ҳисобланиб, суд муҳокамаси ҳам ёпиқ тарзда ўтказилиши мумкинлиги айтилмоқда.