Чегарада йирик контрабанда фош этилди, тергов давом этмоқда
Фото: ДХХ
Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан давлат чегараси хавфсизлигини таъминлаш ва унинг дахлсизлигини мустаҳкамлаш мақсадида олиб борилаётган тезкор-профилактик тадбирлар давомида йирик ноқонуний ҳолат аниқланди.
Хусусан, Сирдарё дарёсининг Фарғона вилояти Бешариқ тумани “Шодиқозиқ” МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисми қирғоғида номаълум шахслар томонидан ташлаб кетилган 4 дона полиэтилен қоп топилди. Шубҳали ҳолат асосида қоплар тезкор равишда назоратга олинди.
Холислар иштирокида ўтказилган текширув жараёнида мазкур қоплар ичида катта миқдорда гиёҳванд моддалар ва дори воситалари борлиги аниқланди. Жумладан, қўшни давлатдан ноқонуний йўл билан олиб кирилган 48 дона ўрамда 47 кг 113 грамм “гашиш”, 15 дона ўрамда 7 кг 779 грамм “опий” ҳамда 10 710 дона “Лидаза” ва 756 дона “Теноксикам” дори воситалари мавжуд экани қайд этилди.
Барча ашёвий далиллар белгиланган процессуал тартибда расмийлаштирилиб, олиб қўйилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси (контрабанда) 2-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Шунингдек, ноқонуний юк эгалари ва ушбу жиноий схемада иштирок этган шахсларни аниқлаш бўйича тезкор-қидирув чоралари кучайтирилган.