Бир ари сабаб Австрияда самолёт парвози бекор қилинди
Австрияда кутилмаган ва бир қарашда жуда майда кўринган ҳолат бутун бир авиарейснинг бекор қилинишига сабаб бўлди, деб хабар бермоқда Aero Inside.
Ҳодиса Инсбрук аэропортида, Austrian Airlines авиакомпаниясига тегишли самолёт Венага учишга тайёрланаётган пайтда юз берган. Йўловчилар самолётга жойлашиб, парвоз учун барча тайёргарликлар якунланаётган эди.
Самолёт учиш йўлагида тезликни ошираётган пайтда — тахминан 150 км/соат атрофида — экипаж тезликни ўлчайдиган датчиклар ўртасида фарқли кўрсаткичлар пайдо бўлганини пайқаган. Бу эса парвоз хавфсизлиги учун жиддий сигнал ҳисобланади.
Самолётда жами 107 нафар йўловчи бўлган ва хавфсизлик қоидаларига мувофиқ, лайнер зудлик билан тўхтатилган. Экипаж эҳтимолий хавфни инкор этмасдан, рейсни бекор қилиш қарорини қабул қилган.
Йўловчилар хавфсиз тарзда эвакуация қилингач, техник мутахассислар носозлик сабабини ўрганишга киришган. Текширув давомида ҳаво оқимини ўлчайдиган муҳим датчик ичига кичик бир ари кириб қолгани аниқланган.
Айнан шу жуда майда ҳашарот қурилма ичида тиқилиб қолиб, сенсорлар ишини бузган ва тезлик ҳақида нотўғри маълумотлар берилишини келтириб чиқарган. Авиацияда эса бундай хатоликлар жуда катта хавф туғдириши мумкин.
Мутахассислар таъкидлашича, ушбу датчик самолёт хавфсиз парвози учун энг муҳим тизимлардан бири ҳисобланади. Шу боис энг кичик носозлик ҳам катта қарор қабул қилишга олиб келади.
Оқибатда биргина ари бутун рейс тақдирини ўзгартириб юборди ва йўловчилар учун режалаштирилган парвоз амалга ошмай қолди.