Симеоне ҳакамликка норози бўлиб ўйинни таҳлил қилди
Европа Чемпионлар Лигаси яримфинали доирасида "Атлетико" Мадрид ва "Арсенал" ўртасидаги илк баҳс 1:1 ҳисобида якунланди. Учрашувдан кейин мадридликлар бош мураббийи Диего Симеоне ҳакамлик қарорлари ва ўйин жараёни ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Аргентиналик мутахассис айрим эпизодлар бўйича норозилик билдирди. Унинг таъкидлашича, ярим финал каби юқори даражадаги учрашувларда ҳар қандай пенальти қарорлари жуда аниқ ва шубҳасиз бўлиши керак:
“Пенальти белгиланиши учун у ҳақиқий пенальти бўлиши лозим. Ганцко билан Дьёкереш ўртасидаги контакт менга жуда енгилдек туюлди. Бу — оддий ўйин эмас, Чемпионлар Лигаси ярим финали”, — деди Симеоне.
Шу билан бирга, у омадга эмас, натижа ва самарадорликка ишонишини алоҳида таъкидлади. Мураббий ўйинни таҳлил қилар экан, биринчи бўлим нисбатан тенг кечганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, рақиб тўпни кўпроқ назорат қилган бўлса-да, жиддий хавфли вазиятлар ярата олмаган.
"Мен омадга ишонмайман, мен самарадорликка ишонаман. Биринчи бўлим тенг ўтди. Рақиб тўп билан яхшироқ ҳаракат қилди, лекин деярли вазият яратмади”, — деди Симеоне.
Иккинчи бўлимда эса “Атлетико” ўйинни ўз қўлига олган. Симеоне жамоаси бу вақтда анча уюшқоқ ва тартибли ҳаракат қилганини, рақибнинг интенсивлиги эса пасайганини таъкидлади. Натижада мадридликлар ҳимояда ишончли ўйнаб, ҳужумда ҳам имкониятлар яратишга муваффақ бўлди. Айниқса, Антуан Гризманн ва Адемола Лукман учун юзага келган вазиятлар шулар жумласидандир.
"Иккинчи бўлимда эса биз яхшироқ ўйнадик. Уларнинг интенсивлиги пасайди, биз эса ташкиллашганроқ ўйнай бошладик. Биз яхшироқ ҳимояландик ва Гризманн ҳамда Лукман учун вазиятлар яратдик”, — деди Симеоне.
Энди барча эътибор жавоб учрашувига қаратилган. Иккинчи баҳс 5 майдан 6 майга ўтар кечаси Лондондаги Эмирейтс стадионида бўлиб ўтади ва айнан шу ўйин финал йўлланмаси тақдирини ҳал қилади.
Қисқача айтганда, илк ўйинда ҳеч бир жамоа устунликка эга бўла олмади. Энди эса барча ҳисоб-китоблар Лондондаги ҳал қилувчи тўқнашувга қолди.