Сурхондарёда кучли сел оқибатида нефть дарёга оқиб кетди
Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳудудидан ўтувчи дарёда нефть оқими кузатилаётгани ҳақида маълумотлар тарқалди. Ушбу вазиятга Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби Шуҳрат Суюнов расмий муносабат билдирди.
Унинг маълум қилишича, Бойсун тумани Кофрун маҳалласидан оқиб ўтувчи Хангаронсой сойи оқими бўйлаб чап тарафда нефть сақлаш учун мўлжалланган вақтинчалик ҳавзалар мавжуд бўлган. Мазкур ҳавзалар бурғулаш жараёнида ер юзасига чиққан нефть хомашёси сойга сизиб кетишининг олдини олиш мақсадида жорий йил январь-февраль ойларида ERIELL Group компанияси томонидан тупроқдан дамба барпо этиш орқали ташкил қилинган. Уларда йиғилган нефть махсус техник воситалар ёрдамида ташиб чиқарилган.
Кеча, 23 апрель куни Бойсун туманида юз берган кучли ёмғирлар натижасида Хангаронсой сойида сув ҳажми ортиб, вақтинчалик дамбалардан сел ва тошқин сувлари ошиб ўтган. Шу сабабли нефть аралашган сув Бандихон тумани орқали оқиб ўтувчи Бандихонсойга, ундан эса Қумқўрғон туманидан ўтувчи Сурхондарё дарёсига қуйилган.
Ўша куниёқ Кофрун маҳалласи ҳудудидаги Хангаронсой сойида жойлашган бир нечта ҳавза дамбалари ERIELL Group компанияси томонидан қайта тикланиб, сувга нефть чиқиши тўлиқ бартараф этилгани маълум қилинди.
Айни пайтда Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳамда вилоятдаги барча сув хўжалиги ташкилотлари томонидан сел-тошқин хавфи мавжуд бўлган ҳудудларда назорат кучайтирилган. Шунингдек, кечаю кундуз навбатчилик йўлга қўйилиб, вазият доимий кузатув остига олинган.