Хаджи Руминия терма жамоасига янги бош мураббий этиб тайинланди
Георге Хаджи Руминия миллий терма жамоасининг янги бош мураббийи сифатида расман эълон қилинди. 61 ёшли тажрибали мутахассис мамлакат футбол федерацияси билан 2028 йилга қадар мўлжалланган узоқ муддатли шартномага имзо чекди.
Ушбу қарор футбол жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотди, чунки Руминия футболида янги давр бошланиши кутилмоқда. Федерация раҳбарияти Хаджидан терма жамоани қайта тиклаш ва янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилган.
Эслатиб ўтамиз, 7 апрель куни Руминия терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Мирча Луческу 80 ёшида вафот этган эди. Унинг кетиши мамлакат футболида катта бўшлиқ қолдиргани таъкидланмоқда.
Хаджи футболчилик фаолияти даврида Европа футболида катта из қолдирган юлдузлардан бири ҳисобланади. У «Стяуа», «Реал», «Барселона» ва «Галатасарой» каби нуфузли клубларда тўп тепиб, юқори даражадаги тажриба тўплаган.
Мураббий сифатида эса у аввал ҳам Руминия терма жамоасини 2001 йилда бошқарган. Шунингдек, клуб даражасида ҳам “Стяуа” ва “Галатасарой”да ишлаб, турли мусобақаларда тажриба орттирган.
Ҳозир эса барча эътибор янги лойиҳага қаратилган. Футбол мутахассислари Хаджи келиши билан терма жамоада янги услуб ва янги руҳ пайдо бўлишини кутишмоқда. Лекин натижа барибир майдонда кўринади — босим ҳам, талаб ҳам юқори бўлади.