“Барселона” Рэшфордни сотиб олиш масаласини муҳокама қилмоқда
Каталониянинг “Барселона” клуби раҳбарияти ҳужум чизиғини кучайтириш мақсадида Маркус Рэшфордни тўлақонли трансфер асосида олиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Ҳозирги мавсумда англиялик футболчи “кўк-анорранглилар” сафида ижара асосида ҳаракат қилмоқда ва жамоа учун муҳим фигуралардан бирига айланган.
Журналист Рашад Раҳмон тарқатган маълумотларга кўра, “Манчестер Юнайтед” раҳбарияти испан клубига аниқ шарт қўйган. Унга кўра, “Барселона” Рэшфордни доимий равишда сақлаб қолишни истаса, 30 миллион евро тўловни амалга ошириши шарт. Акс ҳолда, футболчи мавсум якунлангач Англияга қайтарилади.
Шу билан бирга, Рэшфорд бу мавсумда яхши статистика кўрсатмоқда. У 43 та ўйинда майдонга тушиб, 12 та гол урди ҳамда 13 та голли узатма билан жамоа ҳужумида муҳим рол ўйнади. Унинг барқарор формаси “Барселона” мураббийлар штаби эътиборини янада кучайтирган.
Ҳозирда трансфер масаласи клуб раҳбарияти томонидан чуқур таҳлил қилинмоқда. “Барселона” келажак режаларида Рэшфордни сақлаб қолиш муҳим қадам бўлиши мумкин, бироқ молиявий шартлар бу қарорга таъсир кўрсатиши эҳтимолдан холи эмас.