Муқаддас Холиқова 66 ёшни қарши олди
Ўзбекистон халқ артисти Муқаддас Холиқова 66 ёшни қаршилади. Актриса 1960 йил 14 апрель куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. У 1977–1981 йилларда Тошкент санъат институтининг “Театр ва кино актёрлиги” факультетида таҳсил олган. 1981 йилдан буён Ўзбек миллий академик драма театрида фаолият юритиб келмоқда.
Муқаддас Холиқова нафақат саҳнадаги муваффақиятлари, балки ҳаётий синовларга бардоши билан ҳам кўпчиликка ибрат бўлиб келмоқда. У интервюларидан бирида ҳаётида уч бор ўлим билан юзма-юз келганини эслайди: “2010 йилда акам ва онамни йўқотганимда инфаркт бўлдим. Кейин тўсатдан турмуш ўртоғимнинг кўзлари кўрмай қолди. Ўшанда сиқилиб инфаркт бўлдим. Учинчи хуружни дадаси ўтганларида бошдан кечирдим”, – дея хотирлайди актриса.
Бугун ҳам Муқаддас Холиқова санъат йўлида фаол ижод қилиб, ёш авлод учун устоз сифатида ўз тажрибасини улашиб келмоқда. Унинг санъатга бўлган фидойилиги ва саҳнадаги маҳорати ўзбек театри ва кино санъатининг муҳим қисми сифатида эътироф этилади.