Германия ва Австрия АҚШнинг Россияга қарши санкцияларни узайтириш қарорига эътироз билдирди
15 июнь куни АҚШ Сенати Россиянинг Украинага қарши агрессияси туфайли унга қарши жорий қилинган санкцияларни ўз кучида қолдирди.
Германия ва Австрия қонуннинг АҚШни Болтиқ денгизи орқали ўтказилаётган Nord Stream-2 қувур линиясига қарши чиқишга чорловчи бандига эътироз билдирди. Мазкур лойиҳа Россия газини Украинани четлаб ўтиб Германияга етказиб бериш мақсадида бошлаб юборилган эди.
Австрия канцлери Кристиан Керн ҳамда Германия ташқи ишлар вазири Зигмар Габриэль АҚШни Украинадаги вазиятни Европага газ етказиб бериш билан боғламасликка чақирди.
“Европани энергия билан таъминлаш АҚШ эмас, Европа ишидир”, деди икки етакчи.