Amazon маълумотлар марказлари учун геотермал энергия манбаларига сармоя киритмоқда
Amazon компанияси Невада штатидаги НВ Энергй хизмати билан йирик битим имзолаб, геотермал энергетика бозорига расман кириб келди. Ушбу ҳамкорлик Amazon маълумотлар марказларини 700 МВт қувватга эга «яшил» энергия билан таъминлашни кўзда тутади. Шу тариқа, Amazon Google, Microsoft ва Meta каби технология гигантлари қаторига қўшилди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Битимнинг асосий қисми Занскар стартапи томонидан амалга оширилади. Компания сунъий интеллект алгоритмлари ёрдамида ер остидаги яширин геотермал конларни аниқлайди, бу эса қидирув ишларидаги харажатларни сезиларли даражада камайтиради. 20 йиллик шартномага кўра, мазкур лойиҳалар 2030-йилга қадар ишга туширилиши режалаштирилган.
Шунингдек, келишув доирасида Примергй компанияси билан ҳамкорликда 600 МВт қувватли қуёш панеллари ва шунча ҳажмдаги аккумулятор тизимларини ўз ичига олган гибрид мажмуа қурилади. Бу Amazon'га қуёш энергиясидан кечаю кундуз фойдаланиш ва маълумотлар марказларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш имконини беради.
Невада штати АҚШдаги рақамли инфратузилма учун муҳим марказга айланиб бормоқда. Amazon учун бу геотермал манбалар билан ишлаш бўйича илк тажриба бўлиб, у компаниянинг углерод чиқиндиларини нолга тушириш ва қайта тикланадиган ресурсларни ривожлантириш стратегиясида муҳим қадам ҳисобланади.