Қирғизистон Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги "Silk Visa"га қўшилмоқчи
Бу ҳақда Азаттиқ радиосига Қирғизистоннинг Маданият, ахборот ва туризм вазири Азамат Жаманкулов билдирди.
“Шу кунгача лойиҳанинг бошланиши тўғрисида расман эълон қилинмаган эди. Расман билдирилганидан сўнг биз қўшилишга тайёр эканлигимиз тўғрисида билдирув жўнатдик”- деган вазир.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудида амал қилувчи Silk Visa режими 2019 йилнинг февраль ойидан амалга киритилажаги ҳақда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига таянган ҳолда 20 декабрда маҳаллий нашрлар хабар берди.
Хабарда айтилишича, айни пайтда Silk Visa бериш юзасидан техник жиҳатларни аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.
Silk Visa олган чет элликлар ҳам Ўзбекистон, ҳам Қозоғистонга кира олади.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг маълум қилишича, мазкур виза режимига Қирғизистон ва Тожикистон ҳам қизиқиш билдираётир. Қозоғистон эса бу визага Озарбойжон ва Туркияни қўшмоқчи.
Ўзбекистон Олий Мажлиси депутатларининг Қозоғистон парламенти вакиллари билан 4 июнь куни Сариоғочда бўлиб ўтган учрашувида қозоқ президентининг тўнғич қизи Дариға Назарбоева Марказий Осиëда «Осиë шенгени» ëки «Silk-виза» деб аталадиган виза режимини жорий этиш таклифини илгари сурган эди.
Орадан кўп ўтмай Ўзбекистон ва Қозоғистон расмийлари бу таклиф устида ишлаётгани хабар қилинган.