"Ўзбекистон ҳаво йўллари" самолёти. Компания матбуот хизмати фотоси
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси (МАК) 2018 йилнинг дастлабки 10 ойи давомида 2,6 млн йўловчини ташиган, бу ўтган йилнинг шу даври кўрсатикичларига нисбатан 14 фоизга кўпроқ. Шу билан бирга, туристларни ташиш кўрсаткичи бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин эди, бироқ мавсум авжига чиққанида чет эллик ва маҳаллий туроператорлар Ўзбекистон меҳмонхоналарида жойларни бронь қилишда қийинчиликларга дуч келмоқда, дейилади МАК пресс-релизида.
“Ўзбекистон авиалиниялари” хизматидан фойдаланган 2,6 млн йўловчилардан 1,2 миллиони МДҲ мамлакатларига, 908 минг нафари – узоқ хориж мамлакатларига ва 510 мин киши ички республика рейсларига тўғри келмоқда. Ўтган йилнинг шу даврида МАК 2,2 млн фуқарони ташиган, уларнинг аксарияти Ҳамдўстлик давлатларига тўғри келганди. Шу йилнинг охиригача ташиладиган йўловчилар рекорд кўрсаткич – 3 миллионга етиши кутилмоқда ва бу 2017 йилга нисбатан 17% кўпроқ.
Шу билан бирга, МАК таъкидлашича, 2018 йилда рейслар сони ўтган йилга нисбатан 19.363 тадан 18.434 тагача камайган. Бироқ компания мижозлар сонини кўпайтиришга қаратилган қатор чораларни кўрди. Мисол учун, чегирмаларнинг эгилувчан тизимини жорий этиб, самолётлар паркини оптималлаштирди. Эксплуатациядан 52 та ўриндиққа мўлжалланган ИЛ-144 лайнерлари чиқариб ташланди ва уларнинг ўрнига 150 нафар йўловчини таший оладиган Airbus A320 лайнерлари парвозга қўйилди.
Бундан ташқари, саёҳатчилар оқимини кўпайтириш мақсадида Урганч-Бухоро рейслари жорий этилди, шунингдек мавсумда Милан, Рим ва Франкфуртдан Урганчга рейслар қўйилди. Жорий йилда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” парвозлар географияси кенгайиб, жадвалда Владивосток, Жидда ва Мумбай каби аэропорт номлари пайдо бўлди. Шунингдек, Москва, Истанбул, Париж, Минск каби серқатнов шаҳарларга рейслар кўпайтириб қўйилди.
Қайд этилишича, 28 та халқаро йўналишларга авиачипта нархлари ўртача 30 фоизга арзонлаштирилди. Худди шу амалиёт ички рейсларга ҳам қўллана бошланди. Мисол учун, 1,5 соатлик йўл саналган Тошкент-Нукус йўналишига чипталар нархи 43 евро бўлиб, худди шунча вақтни оладиган Алмати-Астана учун 90 евро тўлашга тўғри келади.
Қайд этиш жоиз, авиачипталарни бронь қилишга ихтисослашган Tutu.ru таҳлилчиларининг хулосаларига кўра, россиялик йўловчилар орасида кузги мавсум ва янги йил таътиллари давомида Ўзбекистонга талаб энг катта бўлмоқда.
Ўзбекистон туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитаси яқиндагина соҳани ривожлантириш концепциясини муҳокамага кўтариб чиқди. Ҳужжатда шунингдек, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компаниясини бир-бирига рақобат қиладиган бир нечта компанияларга бўлиш ҳамда авиацияни, аэропортлар бошқарувини ва авиацияни тартибга солувчи органларини бир-биридан ажратиш таклиф этилган. Шунингдек, республиканинг айрим халқаро аэропортларида “Очиқ осмон” тартибини жорий этиб Ўзбекистонга мунтазам қатновчи хорижий авиакомпаниялар, шу жумладан, лоукостерларнинг сонини кўпайтириш таклиф этилган. Ушбу ва бошқа чоралар авиачипталар ва турпакетлар нархини 100-150 АҚШ долларигача арзонлаштириш имкониятини бериши кутилмоқда.
Республика Давлат туризм қўмитаси маълумотига кўра, 2018 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга деярли 2,7 млн чет эллик фуқаролар келган, бу 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 91.6 фоизга кўпроқдир.
“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги