Коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантин пайтида амалга оширилган ишларни таҳлил қилиш, мулоҳаза юритиш, кейинги режаларни обдон ўйлаб олиш учун имконият пайдо бўлмоқда. Биласиз, айни пайтда деярли барча давлатларда оммавий тадбирлар, спорт мусобақалари тўхтатилган. 20 нафар ўзбекистонлик футболчи клублар сафида рўйхатдан ўтказилган қўшни Тожикистонда ва икки нафар легионеримиз ҳаракат қилаётган Беларусь Республикасида чемпионат мусобақалари ўтказилмоқда, холос. Соғ-саломат коронавирусни енгиб ўтсак, яна ўзимиздаги футбол беллашувларини биргаликда кузатиб борамиз, деган умидда уйда ўтирибмиз. Шундай паллада терма жамоамиз қачон жаҳон чемпионатига чиқаркин, қандай қилиб бу вазифани уддаларкин, деб ўйга толишимиз табиий. Кўпчилик бунинг учун болалар футболи, академияларни ривожлантиришга жиддий қараш кераклигини айтмоқда. Бу гапларда жон бор. Болалар футболига имкон даражасида ёки қўлдан келганча эътибор қаратилмоқда. Баъзилар чемпионатимиз кучли бўлса, мундиалга боришимиз мумкинлигини айтаяпти. Ички биринчилик қачон кучли бўлади? Қачонки, клубларимиз хусусийлаштирилса. Кейинги йили камида 3 та клубимиз хусусий бўлади, дейилса, очиғи, сиз каби биз ҳам бунга ишонмаймиз. Бунга бир неча йил керак. Футболимиз, клубларимиз пул сарфлайдиган одамни ўзига қаратиши учун яхшигина вақт талаб этилади. Қилинадиган ишлар жуда кўп. Йиллар керак. Бу орада биз камида яна битта ёки иккита жаҳон чемпионатини ўтказиб юборамиз. Мақсадимиз эса айни пайтдаги ҳолатимизда ҳам ЖЧга бориш. Хўш, қандай қилиб? Осиёнинг бошқа терма жамоалари бу борада қандай йўл тутишган? Биз ҳам улар каби саралашлардан доимий тарзда ўта оладиган даражага чиқамизми? Келинг, бу саволларга жавоб топишга уриниб кўрайлик. Охирги жаҳон чемпионатига чиқиш учун Саудия Арабистони катта ишларни амалга оширди. Мамлакат футболи раҳбарлари Ла Лига раҳбарлари билан ўта манфаатли битим имзолашди. 2018 йилнинг январида Россиядаги дунё биринчилигига муносиб тайёргарлик кўриш учун саудиялик 9 футболчининг Испания клубларида ўйнаши учун имконият қилинди. Мазкур келишув асосида Фаҳад ал-Муваллад ("Леванте"), Яҳё аш-Шаҳрий ("Леганес"), Салим ад-Давсарий ("Вильярреал"), Нуҳ ал-Муса ("Вальядолид"), Али ан-Намер ("Нумансия"), Абдулла ал-Ҳамдан ("Спортинг Хихон"), Абдулмажид ас-Сулайҳим ("Райо Вальекано"), Марван Усмон ("Леганес Б") ва Жобир Исса ("Вильярреал Б") Испанияда тўп тепди. Уларнинг 3 нафари Испания юқори дивизиони ҳисобланган Ла Лигада, 4 таси Испания иккинчи дивизиони клубларида ўйнаган бўлса, яна икки футболчи испан клублари академиясида таҳсил олишди. Якунда 9 футболчидан учтаси (Салим ад-Давсарий, Яҳё аш-Шаҳрий, Фаҳад ал-уваллад) Саудия Арабистонининг “ЖЧ-2018”га тақдим этилган якуний 23 кишилик қайдномасига киритилди. Бу камдир, аммо мураббийнинг танлови шундай эди. Бундан ташқари, Саудия Арабистони терма жамоаси ва "Ал Наср" клуби ҳужумчиси Ас-Саҳлавий 3 ҳафта мобайнида "Манчестер Юнайтед"да шуғулланиш имконига эга бўлди. Ҳамма ҳаракатлар терма жамоани кучайтиришга, футболчиларнинг тажриба тўплашига қаратилганди. Тўғри, саудияликлар мундиалда узоққа боришмади, гуруҳдан чиқа олмай, 3-ўринни эгаллади. Аммо Муҳаммад Салоҳи бор Мисрни енгишни уддалашди. Энг асосийси, яна қитъамиздаги етакчи жамоалар қаторига қайтишди. Тошкентда мағлубиятга учраётганда камбэк амалга ошириб, Ўзбекистон миллий терма жамоасини таслим этган айнан Саудия ҳисобланади. Демак, федерация амалга оширган қисқа муддатли битимлар кўп жабҳаларда терма жамоа фойдасига ишлаган. Яна бир мисол. Япония Осиёнинг энг кучли жамоалари қаторида. Қитъадаги ҳар бир мусобақада чемпионликка асосий даъвогар. Бу жамоа бир пайтлар Германия Бундеслигаси вакиллари билан амалга оширган келишувга асосан терма таркибини кучайтира олган. Бундеслиганинг кўплаб клубларида японияликлар тўп тепади. Уларнинг айримлари асосий таркибдан муқим жой эгалламаган бўлса-да, тажриба тўпламоқда, машғулотларда чиниқмоқда, ҳар хил тактик вазиятларда қандай йўл тутиш кераклигини кўзи билан кўряпти. Германиядаги юлдуз футболчиларнинг ёнида юриб, кўп нарсани ўрганмоқда. Натижа қандай эканлигини Япония терма жамоаси эришган ютуқлардан билиш мумкин. Япониялик ёшларни ҳозирги кунда ҳатто “Реал” ва “Барса” ҳам ўз сафига қўшиб олмоқда. Буни ушбу клублар мухлислари жуда яхши билишади. Бу борада бизнинг имкониятларимиз қандай? Биз ҳам футболчиларимизни кучлироқ чемпионатларга юбора оламизми? Ҳа. Аввалига, балки ўйинчиларни ўзимизга ҳар томонлама яқин бўлган Россия чемпионатига жойлашимиз мумкин. Пул ва бошқа келишувда қийинчиликлар юзага келмаса керак. Одил Аҳмедов “Краснодар”да фаолият юритган пайтида бошқа клублардан таклифлар бўлган. Мамлакат етакчилари уни ўз сафига қўшиб олишни хоҳлаган. Нега? Чунки унинг иқтидоридан ташқари майдонда бажарадиган функцияси ва меҳнатсеварлигидир. Одил терма жамоада ўйнаб юрганда, барчадан бир бош баланд турган. Виталий Денисов ҳам Россиянинг кучли жамоаларида ўйнай оларди ва шундай ҳам бўлган. Энди бу ишни Элдор Шомуродов бажармоқда. Унга нафақат Россиянинг ўзидан, балки Германия ва Франциядан таклифлар тушмоқда. Шомуродов айни пайтда терма жамоамизнинг етакчи ҳужумчиси. Яқиндагина Остон Ўрунов “Уфа” клубига кўчиб ўтди. Баъзилар Ўрунов бундан кўпроғига муносиб эди, дейишмоқда. У тўғри йўл тутди, назаримизда. Чунки ўртамиёна жамоада Остон ўзини кўрсатиши осонроқ ва воқеалар ривожи шундай кечмоқда. Унинг ишлари ёмон эмас. Тез орада унга етакчилар қизиқса ажаб эмас. Бу санаб ўтган футболчиларимиз терма жамоада ўзларини кўрсатишган ва ҳозир ҳам кўрсатишмоқда. Ниманинг ҳисобига? Албатта, бу кучли чемпионатдаги ўйинлар эвазига. Биз, агарда жаҳон чемпионатига чиқишни истасак, терма жамоага номзод ёшларни ёки ўрта ёшдаги футболчиларни Россияга (имконимиз ҳозирча шунга етиши мумкин, ёки ундан юқорироғига) тезроқ юборишимиз керак. Биз нега Россияни танладик? Чунки футболчиларимиз бу мамлакатда ўзларини кўрсатишмоқда. Яъни, бу чемпионат эшиклари биз учун қайсидир маънода очиқ. Тил борасида муаммо бўлмайди. Қолаверса, Россия чемпионати қитъада ўзига яраша нуфузга эга. Шундай экан бу вариант биз учун ҳар томонлама муҳимдир. Футболчиларимиз Россия клубларининг асосий таркибида ўйнаса, термага мос келиш эҳтимоли баландроқ. Терма жамоа футболининг ўзига хослиги шундаки, муайян пайтда энг кучли футболчилардан қисқа вактда кучли жамоа ҳосил қилиш зарур. Ўйинчиларни савияси қанча баланд бўлса, мураббийнинг иши шунча осонлашади. Охирги жаҳон чемпионатидаги Франция бунга яққол мисол бўла олади. Бу бир тахмин ва мулоҳаза холос. Қанчалик иш беришини эса вақт кўрсатади. Ўз навбатида, биз сизлардан ҳам таклиф ва мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз. Хўш, Сизнингча Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқиши учун қандай йўл тутсак тўғри бўлади? Сиз нима дейиз? Бекзод Исаев