Войцех Шесни Барселона сафида қолишга қарор қилди
Дарвозабон Войцех Шесни Испания чемпионатидаги рақиб клублардан биридан тушган жиддий таклифни рад этди. Тажрибали посбон асосий таркибда ўйнаш имкониятидан кўра, Барселона жамоасидаги ўз ўрни ва оилавий хотиржамликни устун қўйди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Мундо Депортиво хабарига кўра, 36 ёшли футболчига икки мавсум давомида асосий дарвозабон бўлиш кафолатланган шартнома таклиф қилинган. Бироқ, полшалик посбон бу таклифни рад этиб, Ханси Флик қўл остидаги жамоада қолишни маъқул кўрди.
Шесни 2024-йил ёзида Ювентусдан кетганидан сўнг фаолиятини якунлаган эди, аммо Марк-Андре тер Штегеннинг жиддий жароҳатидан сўнг Барселона таклифига биноан майдонга қайтди. Ҳозирда у ўз фаолиятида молиявий манфаатдан кўра, жамоавий муҳит ва шахсий қадриятларни муҳимроқ деб билади.
Клуб мураббийлар штаби Шеснининг тажрибасини юқори баҳолайди. У ёш дарвозабонлар, хусусан, Жоан Гарсия учун устоз вазифасини бажармоқда. Шеснининг кийиниш хонасидаги ижобий таъсири ва етакчилик қобилияти уни жамоанинг ажралмас қисмига айлантирди.