Самарада заҳарланган ўзбекистонликларнинг тўрт нафари даволаниш учун Москвага олиб кетилди…
Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги Самара вилоятида оммавий тарзда заҳарланган ўзбекистонлик 69 нафар муҳожирнинг тўрт нафарини Москва шаҳрига олиб кетиш амалини ташкил этди. Маълумотларга қараганда, уларнинг барчаси ўта оғир аҳволда. Ҳамюртларимиз Москвадаги гематология илмий тадқиқот марказида даволанишади.
Бундан ташқари, Самара вилоят касалхонасида ётган ҳамюртларимизни оёққа турғазиш учун алоҳида врачлар гуруҳи тузилган. Улар Самарага келиб ўзбекистонлик муҳожирларнинг саломатлигини тиклаш билан шуғулланади.
Эслатиб ўтамиз, оммавий равишда заҳарланган жами 69 нафар ўзбекистонлик муҳожирнинг 48 нафари ҳамон оғир аҳволда касалхонада ётибди. 20 нафари соғайиб ишга қайтган. Барча муҳожирлар Самара вилояти Сызран туманидаги «Кошелевский посад» боғдорчилик хўжалигида фаолият юритаётганди. Барчаларининг даволаниши учун кетадиган харажатларни Россия тарафи қоплайди.