Бугунга қадар Ўзбекистондан Россияга соддалаштирилган тартиб бўйича ишга бориш учун 5 минг нафар қурувчи танлаб олинди, деб маълум қилди Россия қурилиш вазири ўринбосари Никита Стасишин. «Яқин ойлар ичида ўн минг киши келиши керак ва беш минг киши танлаб олинган. Дастлабки мигрантлар патент олишига беш кун қолди. Улар нафақат Москва, балки “Восточний” космодроми, Тула, Калуга ва бошқа қатор шаҳарлардаги қурилишларда меҳнат қилади», — деди у. Стасишиннинг сўзларига кўра, барча келувчилар «Спутник Лайт» вакцинаси билан эмланган. Эслатиб ўтамиз, 2021 йил сентябрь ойида РФ Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги, қатор давлат ташкилотлари ва йирик иш берувчи корхоналар вакилларидан иборат делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган музокаралар ўтказилиб, қурилиш соҳасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ўзбекистонлик ўн минг фуқарони соддалаштирилган тартиб асосида Россияга ишга жалб қилишга келишилган эди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари Хайрулла Умаровнинг маълумот беришича, Россияга ташкилий тарзда ишга жўнатиш лойиҳаси доирасида ишчилар Ўзбекистон ҳудудида тиббий кўрикдан ўтказилади. Шу мақсадда, россиялик 40 нафар тиббиёт ходими зарурий тиббий анжомлар ва асбоб-ускуналар билан Ўзбекистонга етиб келган.