Россия-Қозоғистон чегарасида 250 чоғли ўзбекистонлик йиғилиб қолди
Астрахань вилояти губернатори матбуот хизматининг маълум қилишича, тахминлардан бирига кўра меҳнат муҳожирларига атайлаб Қозоғистон ҳудуди орқали автотранспортда ватанига ўтиб кетиш имкони борлиги ҳақида ёлғон маълумот беришган. Ваҳоланки, чегарадан қонунга мувофиқ равишда ўтишнинг йўли фақат махсус рейс билан Москва, Ростов ёки Санкт-Петербургдан махсус авиарейс билан учиш ва Волгоград вилоятидаги Волжская станциясидан поездда кетишдир.
Хабарномада Қараўзек орқали Қозоғистонга ўтишга уринаётган муҳожирларнинг кўпи пойтахт Москва ва марказий Россиянинг бошқа шаҳарларидан келишгани айтилади.
Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Астрахань вилоятидаги вакили ТИВнинг Ўзбекистон элчихонасига тегишли нота йўллаш ниятида эканини билдирган. Роспотребнадзор, ички ишлар идоралари ва маҳаллий расмийларга тартиб-интизомни сақлаш ва эпидемиологик вазиятни ёмонлашувига йўл қўймаслик топширилган.
“Бундан ташқари, Астрахань вилояти ҳудудида меҳнат муҳожирларини ноқонуний яшаш пунктини барпо этиш уринишларининг олдини олиш учун барча зарур чоралар кўрилган”, дейилади хабарномада.
arbuztoday.ru нашрининг ёзишича, россиялик чегарачилар ўзбекистонликлар ва уларнинг автомобилларини ўтказиб юборишга тайёр, бироқ Қозоғистон томони COVID-19 пандемияси туфайли чегарани ёпиб қўйган. Нашр манбаси ўзбекистонлик муҳожирлар Астрахань вилоятига “узунқулоқ” гапларга ишониб келиб олишган.
“Гап шундаки, бир неча кун аввал, суҳбатдошимизнинг айтишича, Қозоғистонга Россия томонидан 5-10 тадан автомобиль ўтказиб турилган. Бу ҳақда чегарадан ўтиб кетганлар ўзларининг дўстларига хабар қилишган. Ўша 5-10 машина чегарадан қандай ўтиб кетганига оид савол очиқ қолмоқда”, дейилади мақолада.
Қозоғистон чегара тартибини юмшатганига оид ёлғон маълумотлар сабабли ўтган ёз Россия ҳудудида юзлаб одам йиғилиб қолганди. Улардан бир қисми поезд ва автобусларда ватанига олиб кетилгунига қадар чодирларга яшашга мажбур бўлишган.