ТИВ Россиядаги ватандошлардан рус-қозоқ чегарасидаги НЎПларда тўпланмасликни сўради
Вазирликнинг бу илтимосига Россия-Қозоғистон чегарасидаги “Маштаково” назорат-ўтказиш пункти яқинида 300 га яқин ўзбекистонлик тўпланганига оид маълумотлар сабаб бўлган. Бу маълумотлар, маълум қилинишича, вазирликка Ўзбекистоннинг Россия ва Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналаридан келиб тушган.
“Мазкур масала мамлакатимизнинг Москва ва Нур-Султон шаҳарларидаги элчихоналари, Қозон ва Ақтау шаҳарларидаги бош консулхоналари томонидан назоратга олинган, Россия ва Қозоғистоннинг ваколатли органлари билан музокаралар олиб борилмоқда”, дейилади ТИВ хабарномасида.
Қайд этилишича, ТИВ Оператив штаби ушбу вазият тўғрисидаги маълумотни ҳар томонлама кўриб чиқиш учун Республика махсус комиссиясига юборган. Вазирлик Махсус комиссия қарори тўғрисида алоҳида маълумот берилишини билдирган.
Жорий йил 25 майидан буён Россиянинг турли шаҳарларидан 8 та чартер рейси уюштирилганини эслатиб ўтган ТИВ ҳозирги пайтда Махсус комиссия томонидан Россиянинг турли ҳудудларидан ўзбекистонликларни олиб келиш учун қўшимча чартер рейсларини амалга ошириш масаласи кўриб чиқилаётганини, Россиянинг турли ҳудудларидаги шаҳарларга чартер рейслари ташкил қилиш устида ишлар давом этаётганини урғулаган.
Рус-қозоқ чегарасидаги “Маштаково” назорат-ўтказиш пункти яқинида йиғилаётган ўзбек муҳожирлари ва уларнинг муаммолари ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.