Молдова Конституциявий суди Россиядан қарз олинишини ноқонуний деб топди
“Қарор қатъий, шикоятга ўрин йўқ”, деб эълон қилди Конституциявий суд раиси Домника Маноле 7 май куни.
Россия Молдовага 200 миллион евро қарз бериши тўғрисидаги шартнома икки ҳафта олдин мамлакат парламенти томонидан ратификация қилинган эди. Суд ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни ва қарз юзасидан Москва билан музокаралар бошлаш тўғрисидаги қарорни ҳам ноқонуний деб топди.
Парламентдаги мухолифат мазкур шартнома халқаро ҳуқуқ меъёрлари бузилган ҳолда имзолангани борасида Конституциявий судга ариза киритган эди.
Молдова ҳукумати 17 апрелда имзоланган шартнома ортидан олинадиган қарз ҳисобига коронавирус пандемияси шароитида юзага келган бюджет тақчиллигини ёпмоқчи эканини билдирган эди.
Мухолифатчиларга кўра, Москва россияпараст президент Игорь Додонни қўллаш учун Молдовага қарз бермоқчи бўлган. Игорь Додон Конституциявий суд қарорини танқид қилди.