“Осмондаги ой эди”: Сурайё Қосимова турмуш ўртоғи билан ажрашгани ҳақида гапирди
“Арзанда жоним” қўшиғи билан мухлислар қалбидан жой олган хонанда Сурайё Қосимова шахсий ҳаётидаги муҳим бурилиш ҳақида очиқ гапирди. У “Ёшлар” телеканалига берган интервьюсида 18 йиллик турмушидан нега ажрашганини баён қилди.
Хонанданинг сўзларига кўра, уларнинг никоҳидан икки фарзанд дунёга келган ва у ўзини она сифатида бахтли ҳис қилади. Шу билан бирга, у оиладаги барча аёллик вазифаларини сидқидилдан бажарганини таъкидлади.
— Аллоҳ бизга икки ширин фарзанд берди. Мен бор имкониятим билан яхши она ва аёл бўлишга ҳаракат қилдим. “Мен санъаткорман” деб, уй ишларидан четда турмадим. Қийинчиликда ҳам, фаровонликда ҳам бирга бўлдик, — дейди хонанда.
Сурайё Қосимова ажрашиш қарори осон бўлмаганини, аммо бу икки томон учун тўғри йўл деб ҳисоблаганини айтди. У, айниқса, турмуш ўртоғининг ота-онаси ҳақида кўпроқ ўйлаганини қайд этди.
— Ҳар бир ота-она фарзанди учун орзу қилган келини бўлади. Балки мен улар истаган келин бўла олмагандирман. Шунинг учун турмуш ўртоғимга: “Сиз мен учун осмондаги ойсиз, аммо қўлим етмайди. Менинг ўрним ерда”, деганман, — деб эслайди у.
Маълумот ўрнида, хонанда 17 йил давомида созанда Ҳусан Қосимов билан бирга яшаган. У аввалги интервьюларида ҳам бир неча бор ажрашиш ҳақида ўйлаганини, аммо турмуш ўртоғининг сабри туфайли муносабатлар давом этганини айтган эди.
Сурайё Қосимованинг бу очиқ баёноти мухлислар орасида турли фикрларга сабаб бўлмоқда. Бироқ у бу қарорни ўйлаб, англаб қабул қилганини таъкидлаб ўтди.