"Ростех" ўқ ўтмайдиган ва совуққа чидамли батареяларни ишлаб чиқди
Россиянинг "Ростех" давлат корпорацияси мутахассислари ўқ тегиши ва қаттиқ совуққа чидамли янги аккумуляторларни яратди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
"RT-Проектние технологии" холдинги иштирокида ишлаб чиқилган ушбу импорт ўрнини босувчи қувват манбалари ҳар қандай ҳолатда ўрнатилиши мумкин. Бундай аккумуляторлар оғир ҳарбий техника двигателларини ишга тушириш, шунингдек, қўмондонлик пунктлари ва алоқа тармоқларини қувватлантириш учун мўлжалланган.
Янги батареяларда суюқ электролит йўқ, у махсус шиша толали губкаларга сингдирилган. Шу сабабли корпус тешилганда ҳам электролит оқиб кетмайди ва қурилма ишлашда давом этади.
"Ростех" маълумотларига кўра, ушбу маҳсулот денгиз инфратузилмаси объектларида аллақачон қўлланилмоқда. Қурилма флотнинг оғир шароитларида ишлашга тайёрлигини тасдиқловчи махсус сертификатга эга.