Техногигантлар 2026 йилда сунъий интеллектга 725 млрд доллар сарфлайди
Дунёнинг энг йирик технология компаниялари ўз режаларини қайта кўриб чиқиб, сунъий интеллект (SI) соҳасига йўналтириладиган маблағлар миқдорини сезиларли даражада оширди. Финанcиал Тимес нашри маълумотларига кўра, 2026 йилда "Amazon", "Meta", "Microsoft" ва "Алпҳабет" компанияларининг умумий инвестициялари 725 млрд долларга етиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Бу кўрсаткич 2025 йилдаги рекорд ҳисобланган 410 млрд доллардан 77 фоизга кўпдир. Харажатларнинг бундай кескин ўсишига SI хизматларининг жадал кенгайиши ва маълумотлар марказлари инфратузилмасини ривожлантиришга бўлган эҳтиёж асосий сабаб бўлмоқда.
Инвесторларнинг бундай йирик харажатлар борасидаги шубҳаларига қарамай, компанияларнинг молиявий ҳисоботлари SI буму билан боғлиқ даромад ва фойда ўсаётганини кўрсатмоқда. Ҳисоблаш қувватларига бўлган талаб тезлашишда давом этмоқда, бу эса юқори капитал харажатларни янги даромад оқимлари ҳисобига қоплаш имконини беради.
"Жеффериес" таҳлилчиси Брент Тиллнинг сўзларига кўра, SI иқтисодиёти барқарорликни сақлаб қолмоқда. Йирик компаниялар ўз балансига жиддий босим ўтказмасдан кенгайишни молиялаштириш қобилиятига эга.
Эксперт технологик компаниялар активлари нархи тушиши ҳақидаги пессимистик прогнозларни асоссиз деб атади.