Ризо Паҳлавий: "Мен Исроил ва яҳудий халқининг дўстиман"
Эроннинг сўнгги шоҳи оиласи вакили, сиёсий фаол Ризо Паҳлавий халқаро жамоатчиликда яна бир бор эътибор марказига тушди. Унинг сўнгги баёноти ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Журналист билан бўлган суҳбат чоғида унга жуда кескин савол йўлланди. Мухбир дунёдаги айрим доиралар уни Исроил манфаатларига хизмат қилувчи шахс, ҳатто айғоқчи сифатида кўраётганини таъкидлаб, бу ҳақдаги муносабатини сўради.
Паҳлавий эса бу иддаоларни қатъий рад этди. Унинг таъкидлашича, бундай айбловлар асоссиз ва нотўғри талқинлардан иборат. Шу билан бирга, у ўз позициясини очиқ баён қилди: у Исроил ва яҳудий халқига нисбатан самимий муносабатда эканини яширмади.
«Албатта, бу гаплар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бироқ мен Исроилнинг ва яҳудий халқининг дўстиман», — деди у.
Сиёсатшунослар фикрича, бундай баёнотлар ҳозирги геосиёсий вазиятда турлича қабул қилиниши мумкин. Айниқса, Яқин Шарқдаги мураккаб муносабатлар фонида бундай фикрлар айримлар томонидан қўллаб-қувватланса, бошқалар томонидан танқидга учраши табиий ҳол.