Бугун Ўзбекистон бўйлаб кучли ёмғир кутилмоқдами?
Ўзгидромет маълумотларига кўра, 22 апрель куни Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида об-ҳаво беқарор бўлиб, ёғингарчилик кузатилиши мумкин.
Тошкент шаҳрида осмон қисман булутли бўлади. Куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши эҳтимоли бор. Шамол шарқдан ғарбга ўзгариб, 3–8 м/с тезликда эсади, айрим пайтларда 12–14 м/с гача кучайиши мумкин. Кечаси ҳаво +17…+19 даража, кундузи эса +24…+26 даража атрофида бўлади.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразмда об-ҳаво ўзгарувчан тус олади. Айрим жойларда қисқа ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши мумкин. Ғарбдан эсадиган шамол 13–18 м/с гача кучайиб, чанг-тўзонлар келтириб чиқариши эҳтимоли бор. Ҳарорат кечаси +10…+15, кундузи +18…+23 даража бўлади.
Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳам ҳаво беқарор. Айрим ҳудудларда ёмғир ёғиши мумкин, шамол эса 13–18 м/с гача кучайиб, чангли бўронлар кузатилиши хавфи бор. Кечаси +13…+18, кундузи +20…+25 даража илиқ бўлади.
Тошкент вилояти, Сирдарё, Жиззах ва Самарқандда осмон булутли бўлиб, ёмғир ва момақалдироқ кутилмоқда. Шамол йўналишини ўзгартириб, кучли эсиши ва чанг кўтарилиши мумкин. Ҳарорат кечаси +15…+20, кундузи +22…+27 даража бўлади.
Қашқадарё ва Сурхондарёда ҳам ёғингарчилик эҳтимоли бор. Айрим жойларда ёмғир ва чақмоқ кузатилиб, шамол 18 м/с гача кучайиши мумкин. Кечаси +17…+22, кундузи +24…+29 даража илиқ бўлади.
Фарғона водийсида (Андижон, Наманган, Фарғона) кун давомида асосан қуруқ об-ҳаво сақланади. Фақат кечга яқин айрим жойларда ёмғир ёғиши мумкин. Шамол 5–10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси +13…+18, кундузи +22…+27 даража атрофида бўлади.
Тоғли ҳудудларда эса вазият анча жиддий. Ёмғир ва момақалдироқлар кузатилиши, 21–23 апрель кунлари эса кучли ёғингарчилик сабаб сел-сув тошқинлари юзага келиши хавфи мавжуд. Шамол 15–20 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси +7…+12, кундузи +13…+18 даража бўлади.
Умуман олганда, эртага мамлакат бўйлаб об-ҳаво беқарор кечиши кутилмоқда. Шу боис аҳолига эҳтиёткор бўлиш ва об-ҳаво ўзгаришларига тайёр туриш тавсия этилади.