8 ёшли навоийлик ўқувчи инглиз тилидан рекорд ўрнатди
Навоий шаҳрида иқтидорли бола эришган натижа жамоатчилик эътиборини тортмоқда. 4-мактабнинг 2-синф ўқувчиси Муҳаммадали Юсупов инглиз тилидан Б2 даражадаги миллий сертификатни қўлга киритди.
Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумотига кўра, Муҳаммадали эндигина 8 ёшда бўлишига қарамай, катталарга хос натижани қайд этган. Шу тариқа, у ўз ёш тоифасида инглиз тили бўйича миллий сертификат олишда рекорд натижага эришди.
У қарийб уч йилдан буён инглиз тилини қўшимча машғулотлар орқали мунтазам ўрганиб келган.
Сўнгги олти ой давомида эса унга ўқув маркази мутахассиси Шаҳзод Бобоназаров дарс бериб келган. Устозининг таъкидлашича, Муҳаммадали биринчи уринишнинг ўзидаёқ Б2 даражадаги миллий сертификатни қўлга киритишга муваффақ бўлган.
“Биринчи уринишдаёқ сертификатни олди. Бу нафақат унинг ёши учун, балки умумий натижалар орасида ҳам энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади”, — дейди устоз Шаҳзод Бобоназаров.
Мутахассислар таъкидлашича, Б2 даражаси тилни мустақил равишда эркин қўллаш имконини берувчи юқори босқич ҳисобланади. Бу эса ёш ўқувчининг билим савияси ва меҳнатсеварлигини яққол намоён этади.
Маълумот учун, юртимизда олий таълим муассасаларига қабул жараёнида хорижий тилдан Б2 сертификатига эга абитуриентларга энг юқори балл берилади. Шунингдек, умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган чет тиллари ўқитувчилари учун ҳам камида Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатга эга бўлиш талаби жорий этилган.
Аввал ушбу талаб 2026 йил 1 январдан кучга кириши белгиланган эди. Бироқ айрим сабабларга кўра, унинг амалга киритилиши 2026–2027 ўқув йили бошига қадар узайтирилди.
Муҳаммадалининг бу каби ютуғи ёшлар ўртасида билим олишга бўлган қизиқишни янада ошириши, шунингдек, бошқа ўқувчилар учун ҳам ўрнак бўлиши шубҳасиз.