«Умра плюс Ўзбекистон» лойиҳаси Истанбулда тақдим этилди
Туркиянинг Истанбул шаҳрида 16 апрель куни "Умра плюс Ўзбекистон" лойиҳаси тақдим этилди. Тадбир Ўзбекистон Туризм қўмитаси, Турк давлатлари ташкилоти ва Туркиянинг сайёҳлик агентликлари бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил қилинди. Бу ҳақда Uzdaily.uz хабар беради.
Тақдимотда Туркиянинг 50 дан ортиқ етакчи туристик агентликлари вакиллари иштирок этди. Лойиҳа доирасида умра ибодатини бажариш учун келган зиёратчиларни Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари, тарихий обидалари ва замонавий инфратузилмаси билан таништириш кўзда тутилган.
Иштирокчиларга Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қурилган Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуаси ҳақида видео материаллар намойиш этилди. Ушбу объектлар мамлакатнинг илмий-маърифий меросини акс эттирувчи муҳим марказлар сифатида тақдим этилди.
Тадбир якунида Туркия бозоридан Ўзбекистонга зиёратчилар оқимини ошириш ва янги туристик йўналишларни ишга тушириш бўйича меморандум имзоланди. Ҳужжат жорий йил якунига қадар туристлар сонини кўпайтиришни назарда тутади.