Самарқандда 70 ёшли фуқаро ўлими бўйича суриштирув бошланди
Самарқанд вилояти Самарқанд туманида 70 ёшли фуқаронинг вафоти ҳолати юзасидан прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув жараёнлари бошланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Марҳумнинг ўғли билдиришича, II-гуруҳ ногирони бўлган ва сўнгги вақтларда Альцгеймер хасталиги билан оғриган отаси 10 апрель куни тушунарсиз ҳолатда ғойиб бўлган. Бир сутка давом этган қидирув ишларидан кейин уни Самарқанд шаҳар ИИБ ходимлари Самарқанд туманидаги руҳий касалликлар шифохонасига олиб боргани маълум бўлган.
Ушбу ҳолатдан норози бўлган ўғил отасини ўша куннинг ўзида уйга олиб кетмоқчи бўлган. Аммо кун шанба бўлгани ва иш вақти якунлангани сабабли шифокорлар беморни фақат душанба куни, раҳбарият рухсати билан чиқариш мумкинлигини айтган ва уни бермаган. Душанба куни эса уни уйга олиб кетишган.
“Бироқ ўша пайтда унинг аҳволи жуда оғир эди. Шифохонадаги шифокорлар отамга қонига кучли таъсир қилувчи дори воситаларини қўллаган ва у уйга қайтгач бир сутка давомида ҳушига келмай ётди. Оқибатда 14 апрель, сешанба куни вафот этди”, — дейди марҳумнинг ўғли.
Бош прокуратура ахборотига кўра, марҳумнинг ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертиза тайинланган. Текширув жараёнлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холис тарзда олиб борилиб, якунларига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъкидланмоқда.