Интерпол қидируви: “Ўзметкомбинат”нинг собиқ раҳбари қидирувда...
“Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖга 2024 йил октябридан 2025 йил августгача раҳбарлик қилган Дилшод Аҳмедов Интерпол томонидан халқаро қидирувга берилди. Унга нисбатан ўзлаштириш ёки растрата йўли билан давлат маблағларини талон-торож қилиш бўйича гумон билдирилмоқда.
Маълумотларга кўра, Дилшод Турсунқулович Аҳмедовнинг исми Интерпол базасида расман эълон қилинган. У 1972 йилда туғилган бўлиб, Жиноят кодексининг 167-моддаси — яъни мол-мулкни ўзлаштириш ёки ишончни суиистеъмол қилиш орқали талон-торож қилиш жиноятида гумон қилинмоқда.
Ҳозирча Ўзбекистоннинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан унга нисбатан очилган жиноят иши, шунингдек, етказилган зарар миқдори юзасидан расмий изоҳ берилмаган.
Аҳмедов меҳнат фаолияти давомида турли масъулиятли лавозимларда ишлаган: 2021 йилдан “Ўзметкомбинат” раисининг биринчи ўринбосари, 2024 йил январдан эса Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари бўлиб фаолият юритган.
Кейинчалик, 2024 йил октябрда у “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖ раҳбари этиб тайинланган, 2025 йил августда эса лавозимдан озод этилган ва унинг ўрнини Баҳодир Абдуллаев эгаллаган.
Ҳодиса атрофидаги тергов жараёнлари давом этмоқда, ишнинг кейинги тафсилотлари эса расмий баёнотлар орқали маълум қилинади.