Ёш шоир Жаҳонгир Номозов фожиали тарзда ҳаётдан кўз юмди
Жаҳонгир Мирзо тахаллуси билан ижод қилган ёш шоир ва ёзувчи, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси Жаҳонгир Номозов ўз уйида ўлган ҳолда топилди. Дастлабки маълумотларга кўра, у ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкин.
Маълум бўлишича, ушбу фожиали ҳолат кеча, 15 апрель куни Наманган вилоятининг Поп туманида юз берган. Туман ИИБ томонидан соат 15:30 атрофида берилган ахборотга кўра, шу куни соат 13:00 ларда Поп тумани, “Поп” МФЙ, Обод-2 кўчаси, 157-уйда истиқомат қилган, 1997 йил 24 январда туғилган фуқаро Номозов Жаҳонгир Фурқат ўғли руҳий ҳолатидаги ўзгаришлар сабаб ўз ҳаракатларининг мазмунини англай олмасдан, яшаш хонасидаги ҳаммомда арқондан сиртмоқ тайёрлаб, бўйин қисмига солган ҳолда ўзини осган ва воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган.
Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг Поп туман бўлими томонидан берилган дастлабки хулосага кўра, Жаҳонгир Номозовнинг ўлими бўйин қисми сиртмоқ билан сиқилиши натижасида юзага келган механик асфиксия сабабли содир бўлган. Шунингдек, бўйиндаги странгуляцион издан ташқари бошқа тан жароҳатлари аниқланмагани қайд этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Жаҳонгир Номозов замонавий ўзбек адабиёти намояндаларидан бири бўлиб, у халқаро адабий алоқаларни ривожлантиришда фаол журналист, шоир ва таржимон сифатида танилган эди.
У Туркиянинг “Şiir Sarnıcı” адабий журналида Ўзбекистон бўйича расмий вакил сифатида фаолият юритган, “Juntos por las Letras” халқаро ёзувчилар гуруҳининг Ўзбекистон координатори, World Talents (Қозоғистон) халқаро уюшмаси аъзоси ҳамда “Abay” медали соҳиби эди.
Шунингдек, унинг шеърлари инглиз, озарбайжон, турк ва бошқа тилларга таржима қилинган.
Жаҳонгир Номозовнинг “Dream” (Туш) ва “Song of Belief” (Ишонч қўшиғи) каби ижод намуналари халқаро антологиялар ва адабий платформаларда, жумладан The Lingo Lexicon сайтида чоп этилган.