Ҳаж–2026: Маккага кириш қоидалари қатъийлаштирилди
Саудия Арабистони 2026 йилги ҳаж мавсуми олдидан Макка шаҳрига кириш тартибларини сезиларли даражада қатъийлаштирди. Бу ҳақда Saudi Press Agency маълумот тарқатди.
Маълум қилинишича, май ойи охирида бошланадиган ҳаж мавсумида қарийб икки миллион зиёратчининг ташриф буюриши кутилмоқда. Шу муносабат билан Саудия Ички ишлар вазирлиги хавфсизликни таъминлаш ва зиёрат жараёнини тартибли ўтказиш мақсадида бир қатор янги чекловларни жорий этди.
Маккага кириш учун рухсатнома шарт
2026 йил 13 апрелдан бошлаб Маккага киришни истаган барча шахслар тегишли расмий идоралардан махсус рухсатнома олиши шарт қилинади. Рухсатномасиз киришга рухсат берилмайди.
Бундан фақат Маккада яшовчилар, ҳаж рухсатномасига эга зиёратчилар ҳамда муқаддас ҳудудларда ишлаш учун электрон рухсат олган шахслар мустасно этиб белгиланган. Бундай рухсатлар Absher Individuals платформаси ва Muqeem портали орқали расмийлаштирилади.
Умра ва виза бўйича чекловлар
Умра визаси билан келган фуқаролар учун Саудия Арабистонини тарк этишнинг охирги муддати 18 апрель этиб белгиланди.
Шунингдек, Nusuk платформаси орқали умра рухсатномаларини бериш 18 апрелдан 31 майгача вақтинча тўхтатилади. Бу чеклов Саудия фуқаролари, Форс кўрфази давлатлари аҳолиси, мамлакатдаги резидентлар ва бошқа визага эга шахсларга ҳам тааллуқли.
18 апрелдан бошлаб эса барча турдаги визага эга шахслар учун Маккага кириш ёки у ерда қолиш тақиқланади. Фақат ҳаж визасига эга бўлганлар бундан мустасно.
Қатъий назорат ва жазо чоралари
Вазирлик қоидаларни бузган шахсларга нисбатан қонунчилик асосида қатъий жазо чоралари кўрилишини таъкидлади.
Фуқароларга огоҳлантириш
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам ҳаж билан боғлиқ сохта эълонлар ва фирибгарлик ҳолатлари кўпайгани ҳақида огоҳлантирди. Расмий бўлмаган йўллар орқали ҳажга бориш нафақат қонунга зид, балки Мино, Арафот ва Муздалифа каби амалларни бажариш имконини ҳам чеклайди. Бундай ҳолатлар депортация ва катта жарималарга олиб келиши мумкин.