Россияда мигрантларга қарши рейдлар: 6 мингга яқин киши чиқарилади
Россияда ноқонуний миграцияга қарши ўтказилган кенг кўламли рейдлар натижасида қарийб 6 минг нафар чет эл фуқаросини мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги расмий вакили Ирина Вольк маълум қилди.
Текширувлар давомида мингга яқин жиноий иш қўзғатилган, қидирувда бўлган 100 дан ортиқ шахс аниқланган. Шунингдек, 7 мингдан зиёд хорижликка Россияга кириш тақиқланган.
Рейдлар мамлакат бўйлаб ўтказилиб, унда ҳуқуқ-тартибот органлари билан бирга махсус хизматлар ҳам иштирок этган. Асосий эътибор транспорт инфратузилмаси, бозорлар, омборлар ва саноат ҳудудларига қаратилган.
Жами 130 мингдан ортиқ объект текширилган бўлиб, минглаб маъмурий қоидабузарликлар фош этилди. Мутахассислар фикрича, бу каби чоралар мамлакатда миграция назоратини янада кучайтиришга қаратилган.