Қозоғистонда SpaceX иштирокидаги йирик лойиҳа янги босқичга ўтди
Қозоғистон Бош вазир ўринбосари, сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев депутатлик сўровига жавобан мамлакатда Direct-to-Cell сунъий йўлдош алоқа тизимини жорий этишга тайёргарлик давом этаётганини маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, ушбу лойиҳа 2025 йил 6 ноябрь куни вазирлик, мобил алоқа операторлари ва SpaceX ўртасида C5+1 саммити доирасида имзоланган меморандум асосида амалга оширилмоқда. Шунингдек, 2025 йил охирида технологиянинг дастлабки тажриба синовлари ўтказилгани ҳам қайд этилди.
Ҳозирда лойиҳа босқичма-босқич тижорат фойдаланишга тайёрланмоқда. Шу билан бирга, уни тўлиқ ишга туширишдан аввал миллий хавфсизлик органлари билан барча зарур келишувлар амалга оширилмоқда. Расмийларга кўра, бу жараён тизимнинг барқарор ва хавфсиз ишлашини таъминлашга қаратилган.