Сирдарё вилояти судяси 3600 доллар пора олаётганда ушланди
Сирдарё вилояти судининг иқтисодий ишлар бўйича судяси Э.С. пора олишда гумон қилиниб, 3600 АҚШ доллари билан ашёвий далиллар асосида қўлга олинди.
Олий суд матбуот хизмати маълумотига кўра, ушбу мансабдор шахс ўз иш юритувидаги иқтисодий низони кассация инстанциясида Гулистон шаҳрида фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига пул талаб қилган ва қабул қилганликда шубҳа остига олинмоқда.
Тезкор тадбир давомида судя пора сифатида берилган пул маблағини олган пайтда қўлга тушгани қайд этилди. Ҳодиса ашёвий далиллар билан тасдиқланган.
Олий суд томонидан билдирилишича, суд тизимида коррупцияга қарши кураш, соҳа шаффофлигини таъминлаш ва номақбул кадрлардан тизимни тозалаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада назорат ва профилактика чоралари янада кучайтирилган.
Шунингдек, суд ходимлари орасида ҳар қандай ноқонуний ҳаракатлар, хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш устувор вазифа экани таъкидланди. Коррупцияга алоқадор ҳар қандай ҳолат аниқланса, айбдорларга нисбатан қонун доирасида қатъий чора кўрилиши қайд этилди.
Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Мазкур воқеа суд тизимидаги назорат ва масъулият масаласини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди.