Гаровга қўйилган BYD CHAZOR автомашинаси сотувга қўйилди
Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг 05.02.2026 йилдаги ижро варақасига асосан қарздор Х.Ф.дан банк фойдасига жами 190,8 млн. сўм ундириш ва ундирув қарздорнинг ўзига тегишли бўлган 2024 йилда ишлаб чиқарилган, қора рангли, BYD CHAZOR русумли автомашинасига қаратиш ҳақидаги ижро ҳужжати Бюронинг Хоразм вилояти бошқармаси иш юритувига келиб тушган ва ижро ҳаракатларига киришилган.
Давлат ижрочиси М.Абдукадиров томонидан қарздорга қарздорлик ихтиёрий берилган муддат давомида бартараф этилмаса, гаровга қўйилган автомашина хатланиб, электрон онлайн савдосига чиқарилиши ва савдодан тушган пул эвазига қарздорликни қоплаш чоралари кўрилиши тушунтирилган ҳолда огоҳлантирилган.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари жараёнида қарздор томонидан банк олдидаги кредит мажбуриятлари бажарилмаганлиги сабабли, гаров мулки ҳисобланган BYD CHAZOR русумли автомашина хатланиб, 264,1 млн. сўмда белгиланган тартибда электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази орқали “E-AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида сотиш учун савдога чиқарилди.