4 ёшли бола тоғда йўқол қолди: қутқарув отрядлари тирик ҳолда топишди
Фото: ФВВ
Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларида юз берган қалтис ҳолат жамоатчиликни безовта қилди — 4 ёшли бола бир муддат йўқолиб қолиб, кейинчалик тирик ҳолда топилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.
Ҳодиса 13 апрель куни Оҳангарон туманида содир бўлган. Маълумотларга кўра, олти нафар аъзодан иборат оила дам олиш мақсадида тоғли ҳудудга йўл олган. Улар сайр давомида табиатни, хусусан, қорли манзарани кўриш учун баландроқ нуқтага кўтарилишган. Қайтиш жараёнида эса кутилмаган вазият юзага келиб, 4 ёшли бола оиладан ажралиб қолган.
Орадан тахминан 40 дақиқа ўтгач, бола йўқолгани аниқланган ва зудлик билан қутқарув хизматларига хабар берилган.
Шундан сўнг Тошкент вилояти қидирув-қутқарув бўлинмалари ҳамда «Қамчиқ» махсус қутқарув отрядлари иштирокида кенг кўламли қидирув ишлари бошланган. Мутахассислар таъкидлашича, мураккаб тоғ релефи ва тундаги қийин шароитлар қидирув жараёнини анча қийинлаштирган.
Қидирув-қутқарув операцияси 6,5 соатдан ортиқ давом этган.
Натижада 14 апрель куни соат 00:20 да бола Олмалиқ махсус қидирув-қутқарув отряди ходимлари томонидан тирик ҳолда топилган.
Шу тариқа, оғир кечган тунли қидирув инсонлар учун енгил нафас олиш билан якунланди — энг муҳими, бола соғ-омон оиласи бағрига қайтарилди.
Қутқарувчиларнинг тезкор ҳаракатлари ва мураккаб шароитдаги сабр-тоқати яна бир бор ўз самарасини кўрсатди.