Ўзбекистон делегацияси Ҳаж-2024 мавсуми учун янги лойиҳа ва хизматлар билан танишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизматининг хабар қилишича, 8 январь куни Жидда шаҳрида Ҳаж ва умра хизматлари анжуман-кўргазмасида муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев бевосита қатнашди.
Тадбирда дунёнинг 80 дан ортиқ давлатларидан вазирлар, муфтийлар, ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этишга масъул Саудия Арабистонининг идоралари ва халқаро компаниялар иштирок этди. Кўргазма доирасида меҳмонхона, овқатланиш, транспорт, қурбонлик, Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида хизмат кўрсатиш бўйича замонавий лойиҳалар тақдимот қилинди.
Ҳаж ва умра вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа ҳожиларга ўтган йили 20 та йирик ширкат хизмат қилган бўлса, бу йил уларнинг сони 35 тага етиши, Арофат водийларида ҳожиларга қулайлик яратиш мақсадида жами 5 миллиард риёл (1,3 миллион АҚШ доллари) сарфлангани, 14 мингдан ортиқ таҳоратхона қурилгани, ўтган йилларда 44 минг нафар ишчи зиёратчиларга хизмат қилган бўлса, бу йил уларнинг сони 120 мингга етказилишини билдирди.