Термиз давлат университети академик лицейининг қозонхонасида 16 январь куни рўй берган портлаш икки кишининг умрига зомин бўлди.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, портлаш лицей биносини иситишга мўлжалланган қозонхонада ташқи қувурларнинг музлаши оқибатида ортиқча буғ тўпланиб, ички босим ортиши натижасида рўй берган. Натижада ҳудудда фаолият олиб бораётган ходимлар П.А. ва Б.А. зарб туфайли жароҳатланиб, ҳодиса жойида вафот этган, яна бир ходим эса шифохонага ётқизилган.
Ҳолат юзасидан прокуратура Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми “а” банди (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатгани билдирилган.
Аввалроқ 15 январь куни Сирдарё вилояти Ховос туманидаги 2 қаватли бинода рўй берган портлаш оқибатида икки киши вафот этгани, бир киши жароҳатлангани хабар қилинган эди.