Ўзбекистон Mарказий банки хабар беришича, 26 декабрдан номинал қиймати 1000 сўм бўлган танга кўринишидаги пул белгилари муомалага чиқарилди.
Танга кўринишидаги пул белгиси икки хил рангдаги комбинациядан иборат бўлиб, ички айланаси сариқ рангли мис ва латун, ташқи айланаси кумуш рангли никел қотишмасидан тайёрланган. Танга диаметри – 26,27 миллиметр, ички диск диаметри – 17,6 миллиметр, қалинлиги – 1,6 миллиметр, оғирлиги – 7,3 грамм.
Танганинг олд томонида (аверс) Тошкент шаҳрида бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази биноси тасвирланган. Тасвирнинг пастки қисмида ботиқ ҳолда танга қиймати 1000 рақами ва лотин босма ҳарфларида «сўм» сўзи ёзилган.
Танга орқа томони (реверс) марказида Ўзбекистон Республикасининг давлат герби тасвирланган. Гербнинг ташқи айланаси бўйлаб босма лотин ҳарфларида айланасимон кўринишда O’ZBEKISTON MARKAZIY BANKI сўзлари ёзилган. Герб остида танга намунаси тасдиқланган йил – «2022» рақами кўрсатилган. Танганинг ён қирраси силлиқ ишланган.
Марказий банкнинг қайд этишича, муомалага чиқарилаётган 1000 сўмлик танга кўринишидаги пул белгилари бугунги кунда муомалада бўлган 2001 йил намунасидаги 1000 сўмлик банкнотлар билан бир қаторда (параллел равишда) муомалада бўлади. Яъни 2001 йил намунасидаги 1000 сўмлик банкнотлар ҳам тўлов қобилиятини йўқотмайди.
Шунингдек, янги кўринишдаги ушбу пул белгилари айни пайтда муомалада бўлган пул белгилари ва тангалар билан бир қаторда, барча хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли томонидан ўз қиймати бўйича барча турдаги тўловлар учун ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиниши шарт.