Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов 15 декабрь куни АҚШнинг Халқаро диний эркинлик соҳасидаги махсус топшириқлари бўйича элчиси Рашод Ҳусайн билан учрашув ўтказган.
ТИВ матбуот хизмати қайдича, учрашувда АҚШ томонига Ўзбекистонда фуқароларнинг диний ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълимотлар берилган.
Норов диний эркинликни таъминлаш, фуқаролар учун диний расм-русмларни адо этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш “Янги Ўзбекистон Тараққиёт ривожлантириш стратегиясининг муҳим қисми” эканини урғулаган.
Ўзбекистонда фуқароларнинг дин соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, бу борадаги миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, мамлакатда динлараро ўзаро англашув муҳитини мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан диний ташкилотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни олқишлаган Рашод Ҳусайн диний расм-русмларни адо этиш ва диндорларнинг ўз эътиқодларини ифода этишлари учун янада кенгроқ шароитлар яратиш радикализмга қарши курашга ёрдам беришини таъкидлаган ҳамда бу соҳадаги ислоҳотлар, шу жумладан, қонун ҳужжатларини халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар давом этишига ишонч билдирган.
Қўшма Штатлар узоқ йиллардан буён бошқа давлатлар қатори Ўзбекистоннинг ҳам диний эркинликларга нақадар риоя қилаётгани масаласини ўрганиб келади. Каримов даврида мунтазам равишда “диний эркинликларни қўпол тарзда бузувчи” мамлакат ўлароқ кўрсатиб келинган Ўзбекистон 2020 йилнинг декабрь ойида АҚШ Давлат департаменти томонидан махсус кузатув рўйхатидан чиқарилганди.
АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси шу йилнинг апрель ойида эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистонда Ш. Мирзиёев даврида диний соҳада амалга оширила бошлаган ислоҳотларни олқишлаш билан бир қаторда кейинги пайтда нисбий диний эркинликлар доираси қайтадан торая бошлагани қайд этилган эди.