Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида олиб борилган “аксилтеррор амалиёти” пайтида Рушан туманининг Дерзуд қишлоғида яшовчи беш киши ўлдирилди. Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, “жисмонан йўқ қилинганлар уюшган жиноий гуруҳ аъзолари” бўлган.
Ўлдирилган фуқароларнинг яқинлари улар қуролсиз ва тинч аҳоли вакиллари бўлганини айтмоқда.
Рушонликлар қандай вазиятда “жисмонан йўқ қилингани” тўғрисида очиқ маълумот мавжуд эмас. Ички ишлар вазирлиги улар “қуролли қаршилик кўрсатаётган пайтда” ўлдирилганини иддао қилмоқда.
Вазирликнинг билдиришича, мазкур шахслар 18 майдан бери расман қидирувда бўлган.
Тоғли Бадахшон билан телефон ва интернет алоқаси мавжуд бўлмагани ортидан бу маълумотларни мустақил манбалар орқали аниқлаштириш имконияти мавжуд эмас.
Вамар қишлоғида эса ички ишлар вазирлиги “террорчи гуруҳ раҳбари” сифатида тамсил қилинаётган шахс қўлга олинган.
Вазирлик баёнотида таъкидланишича, воқеа Тожикистон билан Афғонистон чегараси яқинида бўлган. Воқеа жойидан автомат, пулемёт каби қуроллар топилган. Бу маълумотни ҳам мустақил манбалар орқали аниқлаштириш имконияти мавжуд эмас.
Тоғли Бадахшонда вазият уч ҳафтадан бери мураккаб бўлиб қолмоқда. 14 май куни Хоруғ шаҳрининг юзлаб аҳолиси мухтор вилоят ҳокими ва шаҳар мэрининг ишдан олинишини, маҳаллий аҳолига нисбатан таъқиблар тўхтатилишини талаб қилиб намойишга чиққан эди. Бу намойиш куч билан бостирилган.
Шундан сўнг кучишлатар тузилмалар ва норозилар ўртасида тўқнашувлар содир этилган эди. Бунинг ортидан Тожикистон ҳукумати ҳудудда “аксилтеррор амалиёти” бошланганини билдирган. Мазкур амалиётнинг биринчи кунида расман “8 жангари йўқ қилингани, 11 нафари ярадор бўлгани” ва юздан ортиқ киши қўлга олингани хабар қилинган.
27 майда Хьюман Райтс Уотч (HRW) халқаро ҳуқуқ ташкилоти “Тожикистон ҳукумати норозилик намойишига чиққанларни қувғин қилишни тўхтатиши ва уларга қарши содир этилган жиноятларни тергов қилиши” зарурлиги тўғрисида баёнот тарқатганди.