Марказий Африка ҳудудида жойлашган Конгода маймунчечакдан тўққиз киши вафот этди, Нигерияда эса касалликдан биринчи ўлим қайд этилди. Соғлиқни сақлаш идоралари маълумотларига кўра, айни пайтда камида 20 давлат йиллар давомида кузатилмаган, кутилмаган эпидемиялар билан курашмоқда. Бу ҳақда The Washington Post ёзмоқда.
Конгодаги Санкуру соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи душанба куни мамлакатда касалликнинг 465 ҳолати тасдиқланганини айтган. Бу инфекция Ғарбий ва Марказий Африкада аллақачон эндемияга айланиб бўлганини кўрсатади.
Конгода касалликнинг давом этиши ўлик маймунлар ва кемирувчиларни истеъмол қилиш билан боғлиқлиги айтилмоқда. Шифокорлар бу борада шундай дейди:
«Одамлар ўрмонга кириб, маймун, кўршапалак ва кемирувчиларнинг жасадларини олиб келишади, улар маймунчечакнинг дебочаси ҳисобланади».
Таъкидланишича, маймунчечак аломатлари бўлганлар ўзларини изоляция қилиш учун соғлиқни сақлаш марказига ташриф буюришлари шарт ва зарур.
Нигерия касалликларни назорат қилиш агентлигининг маълум қилишича, якшанба куни мамлакатда маймунчечакдан биринчи ўлим қайд этилган. Марказ, шунингдек, 2022 йилда Нигерия ҳамда Ғарбий ва Марказий Африканинг бошқа қисмларида одатда эндемик бўлган касалликнинг 66 гумон қилинган ҳолатларидан 21 тасини тасдиқлаганини эълон қилган.
«Ўлим 40 ёшли беморда ҳужжатлаштирилди. Унинг қўшимча касаллиги бўлган, бемор иммуносупрессив дориларни ҳам қабул қилган»,-дейилади марказ хабарида.
Хабарларга кўра, Нигерияда 2017 йилнинг сентябрь ойидан бери маймунчечак эпидемияси кузатилмаган.
Маълумот учун, Европа ва АҚШда маймун чечак билан касалланиш ҳолатлари кўпайгани ҳақида хабар берилган. Бу кўплаб мамлакатларда хавотир уйғотган, чунки уларнинг аксарияти йиллар давомида бирорта ҳам касаллик ҳолатини қайд этмаган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 250 дан ортиқ касаллик ҳолатлари одатда авж олиши маълум бўлмаган 20 дан ортиқ мамлакатларда аниқланган.
Маймун чечаги илгари у эндемик бўлган Африкадан ташқарида кенг тарқалган эпидемияларни келтириб чиқармаган.
Нигерия Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази бош директори, доктор Ифедаё Адетифанинг айтишича, мамлакатда маймун чечагига қарши миллий кўп тармоқли фавқулодда вазиятлар маркази (EOC) ҳам фаоллаштирилган. Бу ҳаракат марказ томонидан кўплаб мамлакатларда касаллик тарқалиши бўйича ўтказилган хавфни баҳолашдан кейин содир бўлган. Бош директорнинг таъкидлашича, (EOC) глобал реакцияга ҳисса қўшган ҳолда, мамлакатда олиб борилаётган инфекцияга қарши тадбирларни мувофиқлаштириб боради.