Андижон туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ж.Р.нинг аризасига асосан Андижон ИИБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда яна бир коррупцион ҳолатнинг олди олинди. Бу ҳақда ИИВ маълум қилди.
Хусусан, ўтказилган тезкор тадбир натижасида фуқаро М.У ариза муаллифидан унинг дугонасининг ўғли ва келинини Қирғизистон Республикаси Ош давлат университетининг «Педагогика» йўналишига ўқишга киритиб, сўнг уларнинг ўқишини Андижон давлат университетига кўчириб беришда ўзининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ёрдам беришини айтиб, бунинг эвазига жами талаб қилинган 7000 АҚШ долларидан 2000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.