Бугунги кунда барчамиз интернет тармоқларидан ахборот олишга ўрганиб қолганмиз. Аммо бу олаётган ахборотимиз қанчалик тўғри?
Баъзи ҳолларда Оммавий ахборот воситалари вакиллари ёки блогерлар коррупция ҳолатини юзага келтирган фуқароларни амалдаги иш жойи, лавозими тўғрисида журналистик суриштирув ишларини амалга оширмасдан “бир томонлама хулоса қилган ҳолда“ хабарлар тарқатишмоқда.
Бу эса бир давлат идорасининг мавқеини тушиши ва миллионлаб халқимиз орасида обрўсизланишига сабаб бўлмоқда.
Минг афсуски бундай ҳолатлар сўнгги пайтларда кадастр йўналиши бўйича кўп учрамоқда.
Масалан, маълум бир интернет сайтлар ҳамда ижтимоий тармоқларда “Фарғонада кадастр агентлиги ходими ва шериги қўлга олинди“ номли мақола эълон қилинди.
Аслида эса мазкур фуқаролар жиноятни содир этган вақтида агентлик ходими ҳисобланмаган, у билан тузилган шартномалари бир қанча муддат аввал бекор қилинган бўлган. Аммо бунга эътибор берилмасдан хабар тарқатилган.
Афсуски бунга ўхшаган бир қанча мисолларни келтириш мумкин!
Бирор идорани шаънига путур етказиши мумкин бўлган ахборотни тарқатишдан олдин албатта шу идора билан боғланиб вазиятга аниқлик киритилса ишга профессионал ёндашилган бўлади.
Кадастр агентлиги журналист ва блогерлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга доимо тайёр эканлигини эслатиб ўтади.
Кадастр соҳаси бўйича бирор-бир ахборотга аниқлик киритишга зарурат пайдо бўлса Кадастр агентлигининг 71-202-55-60, 71-202-55-81 ёки 1097 ишонч телефонига қўнғироқ қилишингиз мумкин.