«Turkmen news» хабарига кўра Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Конституцияни ўзгартириш зарурлигини маълум қилган.
Хабарда маълум қилинишича, Бердимуҳамедов Халқ Маслаҳатининг навбатдан ташқари йиғилишига тайёргарлик кўришга бағишланган мажлисда бу бўйича маълумот берган.
«Замон талабларидан келиб чиқиб, Туркманистон қонунчилигини тизимли равишда такомиллаштириш ва Конституцияга ўзгартиришлар киритиш зарур», — деган у.
Туркманистон президенти аниқ қандай ўзгартиришлар киритиш кераклигини маълум қилмаган. У 2022 йил Туркманистон Конституцияси қабул қилинганига 30 йил тўлаётганига эътибор қаратган. Аммо йиғилишда у қайси соҳаларни ривожлантиришни муҳим деб билиши ҳақида умумий гаприган:
аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, шунингдек, макроиқтисодий ҳолатни барқарорлаштиришга эришиш;
нодавлат секторни ривожлантириш ва иқтисодиётнинг бозор муносабатларига ўтиш учун тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш;
саноат тармоқларидаги ўзгаришлар мониторинги.
Президент «рақамли тизимни татбиқ этиш» ва «ёшлар томонидан замонавий технологияларни ривожлантириш» ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.