Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Хавфсизлик Кенгашига Афғонистон «жар ёқасида тургани» ни айтиб, халқаро ҳамжамиятнинг тезкор ёрдам кўмагига тўсқинлик қилаётган «чекловлар ва операцияларни тўхтатишга» чақирди.
Гутерриш 26 январь куни Афғонистондаги вазият бўйича кенгаш брифингида аъзо давлатларни инсонпарварлик ёрдами учун зарур бўлган лицензияларни беришга чақирар экан, «ҳозирги Афғонистон ёрдамга муҳтож бир вақтда жорий чекловлар жиддий кўриб чиқилиши керак»,- дея таъкидлади.
Афғонистондаги гуманитар вазият август ойида Толибон ҳокимиятга келганидан сўнг кескин ёмонлашди. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 22,8 миллион инсон тўйиб овқатланмасликдан азият чекаётган бўлса, 8,7 миллион аҳоли эса очликдан жабр тортмоқда.
Шу ой бошида БМТ урушдан вайрон бўлган мамлакатга 4,4 миллиард доллар гуманитар ёрдам кўрсатишга чақирган эди. 26 январь куни ташкилот соғлиқни сақлаш, таълим, инфратузилма ва бошқа ижтимоий эҳтиёжлар учун яна қўшимча 3,6 миллиард доллар кераклигини маълум қилди.
«Биз молиявий институтлар ва тижорий ҳамкорларга санкциялардан қўрқмасдан гуманитар операторлар билан ишлай олишлари учун ҳуқуқий кафолат беришимиз керак», дейди Гутерриш.
«Афғонистон халқини қишдан омон олиб чиқиш учун» зудлик билан ресурсларни йўналтириш керак, деди Антониу Гутерриш «вақт муҳим»лигини қўшимча қилган ҳолда.
Кобулда халқаро қўллаб-қувватланган ҳукумат ағдарилганидан кейин Афғонистон Марказий банкининг 9,5 миллиард долларга яқин захиралари музлатиб қўйилган. Ҳеч бир давлат Толибон бошчилигидаги ҳукуматни тан олмаган ва гуманитар вазият тез ёмонлашаётганига қарамай, халқаро ёрдам деярли тўхтаб қолган.
Гутерриш жаҳон ҳамжамиятини “афғон иқтисодиётини «қутқариш» учун «музлатилган валюта захираларини очиш ва Афғонистон Марказий банки билан алоқаларни қайта йўлга қўйиш чораларини» топишга чақирди.
26 январь куни Ғарб дипломатлари ва Толибон вакиллари ўртасида Ослода бўлиб ўтган учрашув якунида халқаро ҳамжамият инсонпарварлик ёрдами Толибоннинг инсон ҳуқуқлари, қизлар, аёллар ва этник озчиликлар ҳуқуқларини ҳурмат қилишига боғлиқ бўлишини таъкидлаган.
Европа Иттифоқининг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Никлассон Тwitter да «март ойида ўқув йилида бошланғич ва ўрта мактаблар бутун мамлакат бўйлаб барча ўқувчилар учун очиқ бўлиши зарур" деб ёзди.