Испаниядаги Каталония мухторияти парламенти бундан 400 йил олдин жодугарликда айбланиб ёқиб юборилган минглаб аёлларни афв этиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Каталониядан олдин бундай ҳужжат Шотландия, Швейцария ва Норвегияда қабул қилиннган эди. Бу давлатлар юздан ортиқ европалик тарихчи “Улар жодугар эмас, улар аёллар эди” деб номланган манифестни эълон қилгани ортидан афв этиш тўғрисидаги қарорларни қабул қилган.
Каталония парламенти ўз қарорида “жодугарлик” айблови билан ёқиб юборилган минглаб аёлларни “хотин-қизларга нисбатан нафрат қурбони” сифатида тан олди. Қарорда уларнинг хотирасини ва тарихий ҳақиқатни тиклаш шартлиги таъкидланди.
Каталония ҳукумати кўчалар, майдонлар ва аҳоли пунктларини ёқиб юборилган аёллар номи билан аташ ниятида эканини билдирди.
Тарихчиларнинг билдиришича, XVI аср охири ва XVII асрнинг бошигача Европада насроний черкови инквизицияси оқибатида камида 50 минг аёл жодугарликда айбланиб тириклай ёқиб юборилган. Каталонияда “жодугарларни тириклай ёқиш” амалиёти XVIII асргача давом этган.