Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Меҳнат шуҳрати”ордени соҳиби, таниқли драматург, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шароф Бошбеков 26 январь куни 71 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси расман маълум қилди.
1951 йил 4 январда Самарқанд вилояти Булунғур тумани Ғубир қишлоғида туғилган Шароф Бошбеков 1974 йили Тошкент театр ва рассомчилик санъати институтини тамомлаган.
Муқимий номидаги давлат мусиқали театри, Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида фаолият кўрсатган. Шундан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси (1983-1985), Ўзбекистон Миллий давлат академик драма театрида (1986-1987) адабий ходим бўлиб хизмат қилди.
Шароф Бошбеков “Тақдир эшиги” номли илк драматик асарини 1980 йилда ёзди. Шундан сўнг унинг “Тикансиз типратиканлар”, “Мусиқа сайёраси”, “Тентак фаришталар”, “Тушов узган тулпорлар” (1983) драмаси, “Эшик қоққан ким?” (1987), “Эски шаҳар гаврошлари” (1998), “Темир хотин” (1989) каби жиддий комедиялари ўзбек драматургияси хазинасини бойитди.
Шароф Бошбеков сценарийси асосида “Маъруф ва Шариф”, “Юзсиз” (1993), “Тилла бола” (1994) каби фильмлар яратилди. У “Масхарабоз” (1996), “Фарҳод ва Ширин” фильмларида ҳам сценарий муаллифи, ҳам режиссёр сифатида иштирок этди. Унинг сценарийси асосида “Чархпалак” телесериали суратга олинган.
Бундан ташқари, “Тентак фаришталар” (1995), “Зўрдан зўр чиқса” (1996) каби саҳна асарлари ҳам республика театрларида муваффақиятли намойиш этилди.
Адиб драма ва киноқиссалардан иборат “Танланган асралар” китоби учун 2021 йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Йилнинг энг яхши асари” танлови ғолиби бўлди.
Шароф Бошбеков 1996 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, 2001 йили “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.