Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ортидан Олий таълим вазирлиги ҳам 24 январь кунидан таълим муассасаларида ўқишлар масофадан олиб борилиши ҳақида расман маълум қилди.
Мамлакатда коронавирус билан боғлиқ кунлик рақамлар ортиши ортидан вазирлик шундай қарорга келган.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 21 январь куни 1390 кишида коронавирус аниқланган.
"Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг таклифига асосан коронавирус инфекциясининг янги штамми болалар ва ёшлар ўртасида тарқалиши юқорилигини эътиборга олган ҳолда барча олий (давлат, нодавлат, хусусий ҳамда хорижий филиаллар) ва профессионал таълим муассасалари, академик лицейларда (барча таълим шакллари ва турлари бўйича) жорий йилнинг 24 январидан бошлаб, бир ой муддат давомида таълим олиш тизими масофавий (онлайн) шаклда олиб борилади", - дейилади Олий таълим вазирлиги баёнотида.
Бу йил олий ўқув юртларида қишки таътил 24 январга узайтирилган. Талабаларга авиа ва темир йўл чипталари олишда чегирмалар ваъда қилинган эди.
Қўшимча қилинишича, темир йўл чипталари учун 50 фоиз чегирмалар сақлаб қолинади ва 24 февралга қадар авиа ва темир йўл чипталари бепул тарзда бошқа муддатга алмаштириб берилади.
"Эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, сиздан йўл чипталарини алмаштиришни бир ойлик муддат давомида қайтиш санаси аниқ бўлгандан кейин шошмасдан амалга оширишингизни сўраймиз!" дейилади вазирлик баёнотида.
Бундан олдинроқ Халқ таълими вазирлиги 24 январдан бошлаб мактаблар бир ой давомида онлайн шаклда фаолият олиб боришини маълум қилганди.